Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси
«Минерал ресурслар институти» давлат муассасаси

Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасининг 1994 йил 17-февралдаги 11-сонли буйруғи билан Собиқ Ўрта Осиё геология ва минерал ресурслар илмий-тадқиқот институти, Экспериментал услубий экспедиция ва «ВНИИГеолнеруд» филиали негизида «Минерал ресурслар институти» давлат муассасаси ташкил этилган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 2006 йил 16-октябрдаги “Устав фондида давлат улуши бўлган корхоналарнинг самарали бошқарилишини ва давлат мулкининг зарур даражада ҳисобга олинишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 215-сонли қарорига мувофиқ “Минерал ресурслар институти” давлат муассасасига ўзгартирилган.

«Минерал ресурслар институти» давлат муассасаси Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасининг асосий илмий-услубий маркази бўлиб, мамлакат амалий геология фанининг етакчиси (флагмани) ҳисобланади.

«МРИ» ДМ фаолиятининг предмети геологик қидирув ишларининг самарадорлигини ошириш бўйича илмий асосланган тавсиялар ишлаб чиқиш, шунингдек, минерал хом ашёни қайта ишлашнинг оптимал схемаларини ишлаб чиқишга қаратилган лаборатория ва экспериментал-технологик тадқиқотлар ўтказиш.

Институтнинг мақсади ер қаърини геологик ўрганиш самарадорлигини ошириш бўйича илмий асосланган тавсиялар ишлаб чиқиш, фойдали қазилмаларни бойитиш (қайта ишлаш) бўйича мақбул регламентларни ишлаб чиқиш бўйича лаборатория ва технологик тадқиқотлар комплексини ўтказиш, экспериментал лойиҳалаш ва лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқариш, консалтинг хизматлари.

Институтда 9 та илмий бўлим, 4 та марказ ва 1 та таҳририят-нашриёт бўлими мавжуд.

Дунё миқёсида тан олинган «TÜV» брендининг тарихи бундан 150 йил олдин бошланган. Бугунги кунда «TÜV» халқаро тан олинган сертификатлаштириш жамияти дунёдаги етакчи ва энг йирик сертификатлаштириш тизимларидан бири бўлиб, Мустақил Халқаро Сертификатлаш Ташкилотининг аъзоси ҳисобланади (IndependentInternational Organizationfor Certification). Дунёнинг 90 дан ортиқ мамлакатларидан 100 мингдан ортиқ компаниялар ISO 9001, ISO 14001, OHSAS 18001 ва бошқа халқаро стандартларга мувофиқлиги бўйича TÜV сертификатланган бошқарув тизимларига эга.

Ўзбекистонда TÜV сертификатлаштириш органи «SERT Management» қўшма корхонаси бўлиб, «МРИ» ДМни сертификатлашни амалга оширган.

«МРИ» ДМ – халқаро стандартларга мувофиқ сертификатланган Ўзбекистон Республикасидаги биринчи илмий-тадқиқот муассасасидир. Бундан ташқари, компания TÜV томонидан сертификатланган соҳада биринчи ҳисобланади.

2013 йилда «Минерал ресурслар институти» давлат муассасаси ўзининг сифат менежменти тизимини ISO 9001:2008 халқаро стандарти талаблари асосида ишлаб чиқишни бошлади. 2015 йил июль ойида институт TÜV (Германия) сертификатлаштириш органи томонидан ISO 9001:2008 «Quality management systems - Requirement» талабларига тўлиқ жавоб берадиган сертификат олди. 2017 йилда институт ходимлари иккинчи назорат текширувидан муваффақиятли ўтдилар, натижада корхона ташкилий ишлари ижобий баҳоланди. Айни пайтда ISO 9001:2015 стандартининг янги версиясига ўтиш бўйича ишлар бошланди. 

Мобил дала ишлари отрядлари

Институтда 14 та дала отрядлари мавжуд. Барча отрядлар замонавий асбоб ва ускуналар билан жиҳозланган (GPS-навигаторлар, рақамли фотоаппаратлар, мобил алоқа, дала экспресс-анализаторлари, планшет ва бошқалар). Дала отрядлари янги йўл танламас автомобиллар билан таъминланган. Дала отрядлари учун дала базалари яратилган.

Тадқиқотнинг асосий йўналишлари:

- ер қаърини комплекс равишда минтақавий ўрганиш ва замонавий кўп мақсадли геологик ва башорат-металлогеник хариталарни тайёрлаш, шу жумладан Ерни масофадан зондлашнинг замонавий усуллари ва технологияларидан ва ГАТ-технологияларидан фойдаланиш;

- замонавий аналитик ускуналар ва дастурий таъминот ёрдамида қаттиқ фойдали қазилмалар конларини топиш учун истиқболли бўлган ҳудудларнинг потенциалини ва янги майдонларни ажратишни илмий асослаган ҳолда баҳолаш;

- мамлакатнинг ривожланиш динамикасини таҳлил қилиш ва минерал-хомашё базасини мониторинг қилиш;

- минерал хомашёни комплекс қайта ишлаш ва қимматбаҳо металларни (олтин, уран, вольфрам, ноёб ва ноёб ер элементлари, марганец, темир, сланец ва б.) қазиб олишнинг замонавий технологияларини ишлаб чиқиш ва ишлаб чиқаришга тадбиқ этиш;

- нашриёт фаолияти (геологик журнал, монографиялар, китоблар), юқори малакали кадрлар тайёрлаш (таянч докторантура, кадрлар малакасини ошириш).

Фан доктори илмий даражасини бериш бўйича илмий кенгаш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссиясининг 2019 йил 30 декабрдаги 344-сонли буйруғига мувофиқ «Минерал ресурслар институти» давлат муассасаси қошида илмий кенгаш (DSc.24/30.12.2019.GM.40.01.) ташкил этилган. Ушбу илмий кенгаш 04.00.02 – “Қаттиқ фойдали қазилма конларининг геологияси, уларни қидириш ва разведка қилиш. Металлогения ва геокимё“ ихтисослиги бўйича фан доктори (DSc) ва фалсафа доктори (PhD) илмий даражаларини беради.

Нашриёт фаолияти

2008 йилдан то ҳозирги кунгача 58 та монография ва 21 та конференция материаллари тўплами, шу жумладан ўқув луғатлари ва услубий қўлланмалари нашр этилган.

«МРИ» ДМга «Геология ва минерал ресурслар» республика илмий журналининг даврий нашр этилиши ишониб топширилган бўлиб, ҳар йили 6 та сон нашр этилади.

Конференциялар

2008-2021 йилларда «МРИ» ДМ томонидан 8 та республика ва халқаро илмий-амалий конференциялар ўтказилди:

2008 йил - «Ўзбекистоннинг қаттиқ фойдали қазилмаларининг инвестиция салоҳияти» (халқаро);

2010 йил - «Ўзбекистон Республикасининг қаттиқ фойдали қазилмалар минерал-хомашё базасини башоратлаш, баҳолаш ва ривожлантиришнинг инновацион технологиялари» (халқаро) ва «Ўзбекистон Республикасидаги ёш олим геологлар ва мутахассисларнинг минерал-хомашё базасини ривожлантириш бўйича инновацион ғоялари»;

2011 йил - «Ўзбекистон Республикасида ер қаърини геологик ўрганишнинг устувор йўналишлари, гидрогеологик ва муҳандислик-геологик тадқиқотлар»;

2012 йил - «Ўзбекистон Республикаси саноатининг хомашё базасини диверсификацияси: фойдали қазилмаларнинг ноанъанавий турларини излаш ва баҳолаш мезонлари»;

2014 йил - «Илм-фан ва амалиётнинг интеграцияси Ўзбекистон Республикаси геология соҳасини самарали ривожлантириш механизми сифатида» (халқаро);

2016 йил - «Илм-фан ва амалиётнинг интеграцияси Ўзбекистон Республикаси геология соҳасини самарали ривожлантириш механизми сифатида» (халқаро);

2018 йил - «Илм-фан ва амалиётнинг интеграцияси Ўзбекистон Республикаси геология соҳасини самарали ривожлантириш механизми сифатида». (халқаро);

2019 йил - «Ўзбекистон Республикаси геология соҳасининг муаммоли масалалари ва ривожланиш истиқболлари» илмий-амалий конференцияси (соҳавий);

2019 йил - «Олмалиқ (Ўзбекистон Республикаси)даги қимматбаҳо, рангли ва ноёб металларнинг йирик комплекс конларини баҳолаш хусусиятлари» монографиясининг тақдимоти;

2021 йил - «Палеоосиё океанининг кечки протерозой ва эрта палеозой тарихидаги глобал ва минтақавий жараёнлар ҳамда уларнинг маъданлашувга ва лито-биосферанинг ривожланишига таъсири» монографиясининг тақдимоти.